Ўзбекистон–Малайзия бизнес форуми бўлиб ўтди
2025-06-25 10:25:00 / Янгиликлар

Тадбирни очилиш маросимида Малайзия – Ўзбекистон бизнес кенгаши (MUBA) президенти Дато Сри Кинг Лим, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари –Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Малайзия делегацияси номидан Бош вазир ўринбосари – Энергетика ва сув трансформацияси вазири Фадиллоҳ бин Юсуф нутқ сўзладилар.
Тадбирда икки давлат ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий алоқаларнинг истиқболлари, мамлакатдаги очиқ ва инвесторларга қулай муҳит ҳамда яратилаётган шароитларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари томонлар энергетика, савдо, саноат, инфратузилма ва хизматлар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларида фикр алмашди.
Тадбирнинг асосий қисмида бир қатор вазирлик ва идоралар мутасаддилари тақдимотлар ўтказиб, энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ва Малайзия билан ҳамкорлик лойиҳалари, икки томонлама савдо алоқаларининг маркетинг жиҳатлари, Ўзбекистон инвестиция муҳитининг афзалликлари, мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва бизнес алоқаларининг ҳуқуқий асослари ва бошқа йўналишлар ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Шунингдек, форум нафақат расмий тақдимотлар, балки Ўзбекистон ва Малайзия ишбилармон доиралари ўртасидаги юзма-юз мулоқот (B2B) майдонига айланди ҳамда тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва таклифлар, қатор келишувлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Бизнес-форум доирасида Икки томонлама ҳужжат алмашиш тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон–Малайзия бизнес форуми икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш йўлида муҳим платформага айланди.