«Franklin Templeton» компанияси вакиллари билан ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди
2025-05-05 11:30:00 / Янгиликлар

Учрашувда «Templeton Global Investments» компаниясининг Марказий Осиё бўйича бош директори Мариус Дан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси ўринбосари Бобур Хўжаев, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафаев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Маълумот учун: Franklin Templeton — дунёдаги энг йирик ва таниқли инвестиция бошқаруви компанияларидан бири ҳисобланади. Франклин Темплетон активларни бошқариш, ўзаро инвестиция фондлари, хусусий капитал ва инфратузилма лойиҳалари, рақамли активлар ва инновацион молиявий технологиялар йўналишларда инвестиция хизматларини кўрсатади.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, жумладан, компаниянинг Миллий инвестиция жамғармаси бошқарувчиси ва ишончли вакили сифатида келгусидаги режалар, мамлакатимизда хусусийлаштириш ва трансформация жараёнларининг ўзига хос жиҳатлари ва соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда халқаро инвесторлар билан кенг ҳамкорлик қилиш юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Маълумот учун: Жорий йилнинг 1 май куни Franklin Templeton компаниясининг Тошкентдаги ваколатхонаси ташкил этилди ҳамда компания Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси бошқарувчиси ва ишончли вакили сифатида ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий инвестиция жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 августдаги Фармонига асосан акциядорлик жамияти сифатида ташкил этилган. Жамғарма мамлакатнинг 18 та асосий давлат корхонасида 20 фоиздан 40 фоизгача бўлган миноритар улушларга эга. Ўзбекистон ҳукумати Жамғарманинг 100 фоизлик мулкдоридир.
Шунингдек, томонлар юртимизда давлат иштирокидаги корхоналарни ривожлантириш юзасидан ислоҳотларни жадаллаштириш, давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва янада мустаҳкамлаш ҳамда белгиланган мақсадларга эришишда тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олди.