Улан-Баторда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти намоён этилди
2025-06-25 11:00:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбир Ўзбекистон маҳсулотларини хорижий бозорларга кенг тарғиб қилиш, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Кўргазмани Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев ва Мўғулистон Бош вазирининг ўринбосари Саинбуянгийн Амарсайхан тантанали равишда очиб бердилар.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тайёрланган 74 турдаги миллий мева-сабзавот, полиз, озиқ-овқат ва саноат маҳсулотларидан иборат махсус стенд намойиш этилди.
Жумладан, гилос, ўрик, шафтоли, узум, қуритилган мевалар (майиз, ўрик, олхўри), писта, бодом, нўхат, шўрданак, қора икра, беҳи, анор, олча винолари, анжир ва ёнғоқ қиёмлари, турли хил зираворлар, қандолат маҳсулотлари, салқин ва алкоголли ичимликлар каби экспорт салоҳиятига эга маҳсулотлар кенг миқёсда тақдим этилди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Мўғулистон Бош вазирининг ўринбосари Саинбуянгийн Амарсайхан маҳсулотлар билан яқиндан танишиб чиқдилар.
Кўргазма доирасида ташкил этилган B2B учрашувлар чоғида ўзбекистонлик тадбиркорлар ва хорижий ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида умумий қиймати 11 миллион АҚШ долларига тенг экспорт шартномалари имзоланди. Улар, асосан, қандолат маҳсулотлари, қуритилган ва янги мевалар, салқин ва алкоголли ичимликларни етказиб беришга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, “Made in Uzbekistan” кўргазмаси Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини намоён этиш, миллий маҳсулотларни халқаро бозорда тарғиб қилиш ҳамда икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.