2030 йилга бориб “яшил” энергия улуши 54 фоизга етказилади
2025-06-09 17:05:00 / Янгиликлар

Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Глобал экологик фонд (GEF) кенгашининг 69-йиғилишида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок этди. А.Абдуҳакимов маърузасига кўра, мамлакатимизда экологик таҳдидлар билан курашиш борасида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Орол денгизининг қуриб қолган тубида кенг кўламли ўрмонзорлаштириш кампанияси олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, бугунги кунга қадар 2 миллион гектар майдон яшил ҳудудга айлантирилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил ҳудудларни 30 фоизгача ошириш мақсад қилинган бўлиб, ҳар йили 200 миллион туп дарахт экилмоқда. 2030 йилга бориб “яшил” энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган. Қайта тикланувчи энергия ва нол чиқиндили транспортга ўтиш рағбатлантирилиши йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, БМТ Бош Ассамблеясининг қатор резолюциялари, жумладан, 2027–2036 йиллар оралиғида ўрмон ва ерларни тиклашга оид резолюция илгари сурилмоқда.
Кенгашда 2026 йил GEFнинг 8-ассамблеяси ва GEF Кенгашининг 71-йиғилиши Самарқандда ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Ўз навбатида, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан чуқур миннатдорлик билдириб, GEF кўмагида Ўзбекистоннинг экологик кун тартибини шакллантиришда муҳим ютуқларга эришилгани ва ҳамкорликни давом эттиришга умид билдиришини айтиб ўтди.
- Марказий Осиё ҳали ҳам иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ер деградацияси хавфига жуда таъсирчан минтақа бўлиб қолмоқда, - дейди Азиз Абдуҳакимов. - 2026 йилдаги GEF Ассамблеяси бу масалаларга эътибор қаратиш, маблағ сафарбар қилиш, билимлар алмашинуви ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Биз саммит доирасида ҳамкор давлатлар билан минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, иқлим барқарорлигини ошириш ва биохилма-хиллик йўқолишининг олдини олишга интилмоқдамиз.