Адлия вазири А. Ташкулов ва World Justice Project вакили М. Леwис учрашуви
2025-06-02 09:05:00 / Янгиликлар
2025 йил 30 май куни “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форуми доирасида Адлия вазири Акбар Ташкулов Жаҳон одил судлов лойиҳаси (World Justice Project)нинг давлат сектори билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Марк Леwисни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими, давлат бошқаруви, мурожаатлар билан ишлаш ва бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўналишларидаги ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
М. Леwис Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг ҳужжатлар билан чекланиб қолмай, маҳалла даражасида ҳам амалиётга жорий этилаётганини юқори баҳолаб, бу ёндашув кўплаб муаммоларга самарали ечим бўла олишини таъкидлади.
Шунингдек, у ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон минтақадаги илғор давлатлардан бири эканини эътироф этди.
Томонлар ушбу соҳада ҳамкорликни чуқурлаштириб, мавжуд муаммоларни бартараф этишда биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олдилар.