Тошкент рақамли даврда ҳуқуқ тизими ислоҳотига бағишланган нуфузли халқаро тадбирга мезбонлик қилмоқда
2025-05-29 16:20:00 / Янгиликлар

Бу йилги тадбирнинг асосий мавзуси – “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар” бўлиб, жаҳон юридик ҳамжамиятини рақамлаштириш жараёнидаги янги таҳдидлар ва имкониятларни муҳокама қилишга қаратилган.
Форумда 1 200 нафарга яқин иштирокчи, шу жумладан 150 нафарга яқин хорижий спикер ва расмийлар, 40 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлардан қатнашмоқда. Саудия Арабистони, БАА, Покистон, Россия, Озарбайжон,
Қирғизистон каби давлатлар адлия органлари раҳбарлари, Сингапур Бош прокурори, шунингдек, “Жаҳон одил судлов лойиҳаси” ижрочи директори иштирок этишмоқда.
Форум доирасида 20 га яқин тадбир, жумладан пленар сессия, маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, 4 та кўргазма, шунингдек, илк бор Халқаро ёшлар юридик форуми ҳам ўтказилади.
Тадбирларда сунъий интеллект, IoT, Big Data, блокчейн каби замонавий технологияларнинг ҳуқуқий тизимга таъсири, электрон ҳукумат, рақамли нотариат, юридик таълимдаги инқилобий янгиликлар, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, юридик амалиётни рақамлаштириш каби мавзулар муҳокама қилинмоқда.
Бугун, 29 май куни анжуман доирасида ташкил этилган “Рақамли технологияларнинг инсон ҳаётига таъсири ва уларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш” мавзусидаги панель сессиясида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Президентимизнинг узоқни кўриб, қилаётган сиёсатлари туфайли барча соҳаларда улкан ўзгаришлар бўлмоқда.
Бизнинг вазирлигимиз миссияси – рақамли трансформация орқали халқимизнинг ҳаётини яхшилаш. Мақсадимиз – юқори маошли иш ўринларини яратиш ва даромад топиш имкониятларини ошириш. Биз одамларни чет элга юбориш ўрнига, ўша иш ўринларини Ўзбекистоннинг ўзига олиб келишни хоҳлаймиз”, – деди вазир ўз нутқи давомида.
Шунингдек, Ш. Шерматов Ўзбекистон IT-компаниялар учун қулай жойга айланаётганини ҳам қўшимча қилди.
“Ўзбекистон IT-компаниялар учун жозибадор марказга айланмоқда — солиқ имтиёзлари ва арзон, сифатли кадрлар сафи ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. 2017 йилда хорижий сармояли IT-компаниялар сони ўнтадан кам эди, бугун ҳар ойда 30 та янги компания фаолият бошлаяпти. Ўзбекистон нафақат рақамли трансформацияда, балки халқаро ҳамкорликда ҳам фаол ўрин эгалламоқда”, – деди вазир.
Форумда ҳуқуқий жараёнларни автоматлаштириш, смарт-шартномаларни жорий этиш, киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли медиация ва суд экспертизаси борасидаги илғор тажрибалар ўрганилади.
Ҳуқуқшунослар, олимлар, IT мутахассислар ўртасидаги ҳамкорлик сунъий интеллектни қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига интеграция қилиш масалалари атрофида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилиши учун имкон яратади.
Форум бевосита ҳуқуқий соҳада фаолият юритувчи амалиётчилар, қонун чиқарувчи органлар ва илмий тадқиқотчиларни бир мақсад – рақамлаштириш шароитида адолат, қонунийлик ва ҳуқуқий барқарорликни таъминлаш йўлида бирлаштиради. Муҳим жиҳати унда технологик инқилоблар натижасида ҳуқуқ соҳасида юзага келаётган муаммоларга халқаро ва хорижий мутахассислар томонидан ечимлар таклиф этилиши ва шу асосда Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотларни янада тезлаштириш имконияти яратилишида намоён бўлади.
“Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форуми ҳуқуқшунослар, давлат хизматчилари ва сиёсатчилар учун инновация, тажриба ва ҳамкорлик платформаси бўлиб хизмат қилади. Бу халқаро майдонда дунё юридик ҳамжамияти вакиллари Ўзбекистондаги ислоҳотларга юқори баҳо бериб, уларнинг келгусидаги ривожига туртки бўлади.