Ўзбекистон ва Жанубий Корея: аграр таълим ва илмий ҳамкорлик
2025-05-05 11:15:00 / Янгиликлар

Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги халқаро ҳамкорлик муносабатлари, хусусан, қишлоқ хўжалиги ҳамда таълим соҳаларидаги шериклик алоқалари юксак баҳоланди.
Мулоқот чоғида академик алмашинув дастурларини кенгайтириш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий аграр технологияларни жорий этиш, шунингдек, малакали ёш мутахассислар тайёрлаш борасида ҳамкорлик масалалари кенг муҳокама қилинди.
Вазир ўз навбатида Чунгнам Миллий Университети билан “Global Campus” лойиҳаси доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш илмий салоҳиятни оширишда муҳим омил эканини таъкидлади. Шунингдек, йилига 200–300 нафар талабани академик алмашинув дастурлари орқали жалб этиш ёш кадрлар учун кенг имкониятлар очишини қайд этди.
Томонлар қўшма илмий лабораториялар ташкил этиш, салоҳиятли кадрларни тайёрлашда ҳамкорлик қилиш, талабаларнинг бакалавриат ва магистратура босқичларида кореялик олимлар илмий раҳбарлигида фаолият олиб боришини йўлга қўйиш борасида фикр алмашишди.
Профессор Ким Жеонг Кёум Ўзбекистонда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Чунгнам Миллий Университети ушбу ислоҳотларда фаол иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.
Учрашув якунида вазир истиқболли лойиҳаларни амалий босқичга ўтказиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.