Франция элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
2025-04-24 09:40:00 / Янгиликлар

Унда икки давлат ҳамкорлигида ташкил этиладиган Ўзбек-Француз университетига оид масалалар муҳокама қилинди. Университет Тошкент давлат техник университети ҳудудида жойлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, таълим дастурлари, ўқув режалари ва аккредитация жараёнларини тез ва мувофиқлаштирилган тарзда амалга ошириш мақсадида икки томонлама ишчи гуруҳ тузиш таклифи илгари сурилди. Гуруҳ таркибига ТДТУ, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат транспорт университети ва Ўзбекистон жаҳон тиллари университети вакиллари киради.
Шунингдек, француз тили ва адабиёти бўйича магистратура дастурини тайёрлов курсисиз, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб очиш таклифи билдирилди. Шу санадан бошлаб муҳандислик (биоинформатика, қайта тикланувчи энергия манбалари) ва транспорт (интеллектуал логистика тизимлари) йўналишлари бўйича тайёрлов курслари ташкил этиш, магистратурага қабул жараёнларини бошлаш белгиланди.
Элчи хоним томонидан университет ректори ва проректорлари, хусусан француз номзоди борасидаги келишувлар тўғрисида ҳам фикр алмашилди. Француз томони проректорни ўз томонидан тайинлашга оид ички жараёнларни якунлаётганини маълум қилди.
Маълумот учун, 2025 йил 19–20 май кунлари Франциянинг етакчи университетлари раҳбарларидан иборат делегация Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиши режалаштирилган. Ташриф доирасида Ўзбек-Француз университетини ташкил этиш ва унинг амалий фаолиятини йўлга қўйишга доир масалалар атрофлича муҳокама қилинади.