Тошкент шаҳрида биринчи “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали якунланди
2025-04-18 09:45:00 / Янгиликлар

Фестиваль доирасида ёшлар томонидан яратилган замонавий технологиялар, инновацион ёндашувлар ва муҳандислик ишланмалари намойиш этилди.
Фестивалда умумий ҳисобда 5000 нафардан зиёд ёшлар, 10 дан зиёд хорижлик экспертлар, 25 тадан ортиқ олий таълим муассасалари ҳамда турли соҳалар вакиллари қатнашди. Дастур доирасида 11 турдаги мусобақалар, 10 га яқин мавзуда семинар-тренинглар ва ҳакатонлар ташкил этилди.
Фестивалнинг ёпилиш маросимида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси директори Адҳам Худойқулов, Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Ёшлар ишлари агентлиги директор ўринбосари Феруз Аблаяров, Ўзбекистон технологик металлар комбинати бошқарув раиси маслаҳатчиси Шавкат Набиев ёш муҳандисларни муборакбод этиб, таловлар ғолибларига мукофотлар, эсдалик совғаларини топширдилар.
Робототехника ва авиация – қизғин беллашувлар майдони
Робототехника бўйича амалий мусобақалар 6 та йўналишда ўтказилиб, унда 275 нафардан ортиқ мактаб ўқувчилари ва 65 нафардан ортиқ талабалар иштирок этди. Бу – умумий ҳисобда 340 нафар ёш муҳандиснинг инновацион ғояларини синовдан ўтказиш майдонига айланди.
Авиация мусобақалари эса талабалар, ҳарбий қисм курсантлари ва бошқа ёшлар иштирокида юқори савияда ташкил этилди. 15 дан зиёд олий таълим муассасаларидан келган 200 нафардан зиёд ёшлар ўз билим ва маҳоратларини намоён этишди.
Инновация марказида – ҳакатон ва 3D моделлаштириш
Фестиваль доирасидаги муҳим тадбирлардан бири — саноат корхоналари муаммоларига ечим топиш мақсадида ўтказилган ҳакатон бўлди. 50 нафар ёш иштирокчи аграр соҳадаги долзарб муаммоларга инновацион ёндашув орқали ечимлар таклиф қилишди.
3D моделлаштириш мусобақасида 270 нафар ёш ўз билим ва салоҳиятини намоён этиш имконига эга бўлди. Бу йўналишдаги мусобақа ёшлар ўртасида замонавий рақобатбардош касбларга бўлган қизиқишни кучайтиришга хизмат қилди.
Интерактив кўргазма – илмий салоҳият намойиши
Фестивалнинг энг ёрқин воқеаларидан бири бу — интерактив кўргазма бўлди. Унда юртимиздаги иқтидорли ёшлар томонидан ишлаб чиқилган 200 дан ортиқ ишланмалар, 30 та Art Engineering маҳсулотлари, 42 та стенд, 1000 нафардан зиёд иштирокчи ва 16 йўналишдаги лойиҳалар тақдим этилди.
Art Engineering — бу санъат ва технологиянинг уйғунлашган шакли бўлиб, унда ҳар бир иштирокчи техник фикрлашни эстетик дид билан уйғунлаштирган ҳолда ноёб инновацион ёндашувларни намойиш этиш имконига эга бўлди.
Семинарлар ва маҳорат дарслари – илмий мулоқот ва тажриба алмашинуви
Фестиваль доирасидаги семинар ва маҳорат дарслари муҳандислик, робототехника, инновациялар соҳаларидаги замонавий тенденциялар, грантлар, ғоялар ва ташаббуслар муҳокама қилинди. Уларда 11 та олий таълим муассасасидан 500 нафар талабалар ва 5 нафар инновация соҳасидаги мутахассислар қатнашди.
Тадбирлар орқали ёшлар нафақат билим, балки ҳаётий тажриба ва илмий ечимлар билан ҳам бойишди. Уларнинг келгусидаги фаолиятида бу турдаги платформалар катта аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Фестиваль якунлари – ғолиблар тақдирланди, янги юлдузлар кашф этилди
Фестиваль якунлари ҳам ундаги шиддатли руҳ ва ижодий муҳитга монанд тарзда ўтди. Барча йўналишлар бўйича ғолиблар тантанали равишда тақдирланди, турли номинациялар бўйича энг яхши ёш инноваторлар аниқланди. Келажак муҳандислари сафидаги ёшлар мамлакатнинг илмий ва технологик тараққиётида муносиб ўрин эгаллашига шубҳа йўқ.