333 нафар аёллар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди
2025-03-04 14:20:00 / Янгиликлар

“Мўътабар аёл” кўкрак нишони Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 апрелдаги “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 257-сон қарори билан таъсис этилган.
Кўкрак нишонига Низом талабларига мувофиқ, вазирлик, идоралардан ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан мазкур кўкрак нишони билан тақдирлашга номзодлар ҳужжатлари тақдим этилиб, Республика комиссияси томонидан кўриб чиқилди.
Республика комиссияси томонидан 68 та вазирлик ва идоралардан 182 нафар, ҳудудий Бошқармалар томонидан тақдим этилган 708 нафар, жами 918 нафар номзодларнинг ҳужжатлари ўрганилди.
Жорий йилда янги ёндашув асосида биринчи марта Ватанимиз ва унинг сарҳадларини ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлган 10 нафар ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек Олимпиада ва Параолимпия спорт мусобақалари чемпионларининг 18 нафар оналари ҳам ушбу кўкрак нишони билан тақдирланмоқда.
Ўрганиш хулосаларига кўра, ҳудудлардан 28 нафар, туманлар ва шаҳарлардан 208 нафар, вазирлик ва идоралардан, Республика “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоларидан 71 нафар номзодларнинг ҳужжатлари сараланди.
Бунда, номзоднинг фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларида кўкрак нишони тўғрисида Низомда белгиланган талабларга мувофиқ, жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатганлиги, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасидаги ибратли фаолиятига эътибор қаратилди.