Рақамли технологиялар вазири Бакуда COP29 конференцияси доирасидаги “Фан, технология, инновация ва рақамлаштириш куни” сессиясида қатнашди
2024-11-18 14:10:00 / Янгиликлар

Хизмат сафари давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 29-Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида ташкил этилган “Фан, технология, инновация ва рақамлаштириш куни” сессиясида маъруза билан иштирок этди.
Мазкур сессия доирасида иқлим ўзгариши барқарор ривожланиш учун асосий муаммо ҳисобланиши ва рақамли технологиялар атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим роль ўйнаши иштирокчилар томонидан эътироф этилди.
Вазир ўз нутқида Ўзбекистоннинг “Яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси рақамли трансформацияни ҳам ўзида мужассам этганлиги, рақамли технологияларнинг иқлимга таъсирини камайтириш учун инновацион ечимлар тадбиқ этилаётганлигини таъкиблаб ўтди.
Жумладан, ҳозирда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан қуёш энергиясини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги, шу муносабат билан Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси тизимидаги DataVolt компаниялари билан “Яшил” Маълумотлар маркази қурилаётганлиги ҳамда унинг электр таъминотида қуёш энергиясидан фойдаланиш кўзда тутилаётгани тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Шунингдек, хорижий компаниялар учун IT Park томонидан тақдим этилаётган имтиёзлар, яратилаётган шароитлар тўғрисида тақдимот қилди.
Шунингдек, хизмат сафари давомида Озарбайжон Республикаси Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Ришат Набиев билан учрашувда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги АКТ соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, 2025 йилда Халқаро электр алоқа иттифоқининг Электралоқани ривожлантириш бўйича бутунжаҳон конференциясини Озарбайжон Республикасида ўтказиш доирасида биргаликда тадбирлар ўтказиш, икки давлатнинг IT Парклари ўртасида стартап экотизимини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, телекоммуникация йўналишида тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди.