Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнлари
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:
- давлат олий таълим муассасаларида уларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича масофавий таълим шакли жорий этилади;
- ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тасарруфида ушбу таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг таклифи асосида Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади;
- давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат бали асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади ҳамда қўшимча имтиҳон ўтказилмайди.
Давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул бир йилда икки марта — август ва январь ойларида ташкил этилади.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:
- давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланади;
- давлат олий таълим муассасаларига (молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари бундан мустасно) тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик (идора) томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади ҳамда ҳар йили 20 июнга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
- олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига мос келувчи имтиҳон фанлари мажмуаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда имтиҳон синовлари бошланишидан камида 6 ой олдин эълон қилинади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича 1 000 та ўрин ажратиб борилади.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияномасини олган, олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар учун 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул параметрларига қўшимча 2 000 та давлат гранти ажратилади. Бунда:
- тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти асосида ажратиладиган қабул параметрларининг камида 50 фоизи аниқ ва табиий фанлар, техника ва тиббиёт йўналишлари орасида тақсимланади;
- ҳар йили 20 июлга қадар тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти ўринларининг олий таълим муассасалари ва бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тақсимоти Давлат комиссияси томонидан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг таклифлари асосида тасдиқланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
- б) давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидагилар қопланади:
- 2021/2022 ўқув йилида давлат олий таълим муассасалари магистратурасига талабаликка қабул қилиниб, тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг 2022/2023 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори;
- 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари магистратурасига ажратилган қабул параметрлари доирасида базавий тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинган хотин-қизларнинг тўлов-контракт миқдори.