Таълим кредити
Таълим кредитлари тижорат банклари томонидан таълим ташкилотлари бакалавр ҳамда магистратуранинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёки қабул қилинган, шунингдек ўқишини кўчирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларга берилади.
- Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.
- Бунда, таълим кредитлари учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш таълим ташкилотига маблағлар ўтказилган санадан бошлаб, асосий қарзни қайтариш эса кредит олувчи томонидан таълим ташкилотида таълимнинг ушбу тури бўйича ўқишнинг расмий белгиланган муддати тугаллангандан сўнг 7 ойдан бошлаб амалга оширилади.
Таълим кредити шартномаси кредит олувчи томонидан тақдим этилган талаба ва таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартнома (контракт)да кўрсатилган 1 йиллик тўлов суммасига тенг миқдордаги суммага тузилади.
Таълим кредитлари бўйича маблағлар таълим ташкилотларига тижорат банклари томонидан таълим кредити шартномасида кўрсатилган шартларда ўқув йили мобайнида ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини белгиланган тартибда, тенг улушларда 4 қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади.
- Тижорат банклари кредит олувчининг ёзма аризасига асосан тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақидаги шартномасида (контрактида) назарда тутилган ҳолларда ўқишнинг ярим йил ёки тўлиқ бир йил учун тўлов суммасини бирйўла амалга ошириши мумкин.
- Кредит олувчи таълим кредитини таълим кредити шартномасида белгиланган муддатлардан олдин қайтаришга ҳақлидир.
Кредит олувчининг тижорат банкидан олган таълим кредити бўйича муддати ўтган фоиз қарздорлиги мавжуд бўлса ёки мунтазам равишда тўлов муддатини ўтказиб келган бўлса, тижорат банки таълим кредити шартномасида белгиланган тартибда кредит олувчига тўлов-контрактнинг навбатдаги қисми бўйича ёки кейинги йиллар учун таълим кредитини ажратишни рад этиши мумкин.